|
2010 йил 1-3 март кунлари пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" да III Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтди. |
III Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси саноат, қишлоқ хўжалиги, фарматсевтика, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, фан ва таълим йўналишларидан иборат бўлиб, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа идоралар тасарруфидаги 120 дан ортиқ илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, кичик инновацион корхоналар жамоалари ва ихтирочилар ўзларининг 600 дан ортиқ технологик ишланмалари ва ғоялари билан иштирок этдилар. Ёш олимлар ва талабаларнинг 63 та ишланмалари ҳамда "Келажак овози" республика танлови ғолиблари яратган 18 та технологик ечим ва инновацион лойиҳалари илк бор мазкур ярмаркада намойиш этилди.
Бундан ташқари, ярмарка ўз олдига корхона ва ихтисослашган фирмаларнинг илмий техника соҳасидаги инновация фаолиятини ривожлантириш, илмий ва амалий тадқиқотларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ва маҳаллий технологиялар ҳамда маҳсулотларни нафақат ички бозор, балки хориж бозорларига олиб чиқиш бўйича тармоқлараро алоқаларнинг кенгайишига кўмаклашиш, инновацияларни ривожлантиришни рағбатлантиришнинг амалий механизмларини, шу жумладан, инновацион лойиҳаларни кредитлаш тизимини яратишни мақсад этиб қўйган. Ушбу тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг яна бир самараси бўлиб, янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш, илм-фан ва саноатни юксалтириш ва шу орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, валютани тежаш, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, илмий муассасалар билан корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.












